Ўзбекистон ва Жанубий Корея: Материалшунослик институти ва КОРАМ ўртасида Англашув меморандуми имзоланди
13.08.2026 / 10:11

Фанлар академияси Материалшунослик институтининг «Катта Қуёш қурилмаси» ноёб илмий объектида Ўзбекистон ва профессор Бум Сунг Ким бошчилигидаги Корея Миллий нодир металлар институти (КОРАМ)вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Фанлар академияси, Материалшунослик институти, Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги, Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамда Ўзбекистон технологик металлар комбинати вакиллари иштирок этди.
Мазкур учрашувда КОРАМ тажрибаси асосида Материалшунослик институтини анъанавий академик моделдан тўлиқ инновацион цикл тизимига ўтказиш стратегияси кўриб чиқилди (фундаментал тадқиқотлар → амалий ишланмалар → пилот ишлаб чиқариш → сертификатлаш → тижоратлаштириш). Шунингдек, юқори ҳароратли қуёш технологияларидан фойдаланган ҳолда материалларни эритиш ва синтез қилиш жараёнлари намойиш этилди.
Илғор ақлли материаллар, ноёб ва критик металлар, юқори энтропияли қотишмалар, 2Д материаллар, шунингдек, литий ажратиб олиш технологиялари, материалларни синовдан ўтказиш ва сертификатлаш бўйича замонавий инфратузилмани шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Материалшунослик институти ва КОРАМ ўртасида юқори технологик ва аэрокосмик материалларни синашни ташкил этиш бўйича Англашув меморандуми имзоланди. Бу эса қўшма илмий-технологик лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор яратади.
