Биз ҳақимизда
Ўзбекистон Республикаси илмий салоҳиятининг асосини Фанлар академияси – мамлакатнинг етакчи илмий-тажриба маркази ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси (ЎзР ФА) Ўзбекистондаги энг йирик ва муҳим давлат илмий ташкилотидир. Фанлар академияси тегишли илмий йўналишларда кенг кўламли фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб боради.

Фанлар академиясини ташкил этилиши ва ривожланишининг қисқа тарихи
Фанлар академиясини ташкил этилиши ва ривожланишининг қисқа тарихи Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг тарихи икки асосий босқични ўз ичига олади: - Собиқ ССР даврига кирувчи 48 йиллик фаолиятни ўз ичига оловчи институционал шаклланишнинг дастлабки даври, илмий мактабларнинг яратилиши, илмий кадрлар салоҳияти ва моддий-техника базасининг шаклланиши; - Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида эса илмий-тадқиқотларнинг янада ривожланиши, такомиллашуви ва мамлакатимиз фанининг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиш даври бўлди.
Академия фаолиятига эътибор
Ўтган ўттиз йилдан ортиқ вақт мобайнида республика академик фани янгиланиш ва тараққиёт йўлига тушди. Бу эса Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти ва ҳукумати томонидан мамлакатимиз илм-фанини ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор туфайлидир.


Фанлар академиясининг ривожланиш тарихи
Тарихан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясини ташкил этиш йўлидаги биринчи муҳим қадам 1932-йил 4-октябрда Ўзбекистонда ўша даврда аллақачон ташкил этилган кенг қамровли илмий-тадқиқот муассасалари тармоғини бошқариш ва уларни илмий изланишлари ва амалий ишланмаларини мувофиқлаштириш мақсадида Республика Фанлар қўмитасининг ташкил этилиши бўлди. Кейинчалик, 1940-йил 9-январда Республика Фанлар қўмитаси Тошкент шаҳридаги ССР Фанлар академиясининг Ўзбекистон филиали (ФА ЎзФ)га айлантирилди. 1940-йилларнинг бошларига келиб республикада 19 та илмий-тадқиқот институти, 23 та илмий станциялар, 11 та музей ва бир қатор бошқа муассасалар фаолият кўрсатар эди.