Шўрга чидамли микроорганизмлар — деградацияга учраган ерлар учун ечим
02.02.2026 / 16:46

Шўрга чидамли микроорганизмлар — деградацияга учраган ерлар учун ечим
Бугунги кунда шўрланиш ва тупроқ деградацияси қишлоқ хўжалигининг энг катта муаммоларидан бирига айланмоқда. Айниқса, қурғоқчил ҳудудларда ҳосилдорлик пасайиб, тупроқнинг табиий унумдорлиги йўқолмоқда.
Шу муаммога жавоб сифатида Фанлар академияси Микробиология институти олимлари томонидан шўрга чидамли тупроқ микроорганизмлари коллекцияси яратилди. Коллекция шўрланган тупроқлардан ажратиб олинган 30 дан ортиқ маҳаллий, юқори туз концентрациясига чидамли штаммларни ўз ичига олади.
Ушбу микроорганизмлар:
-
азот, фосфор ва калийнинг биологик айланишини фаоллаштиради;
-
ўсимлик илдиз тизимини ривожлантирадиган фитогормонлар ишлаб чиқаради;
-
шўрланиш ва қурғоқчиликка чидамлиликни оширади;
-
тупроқнинг биологик фаоллиги ва структурасини тиклайди.
Коллекция асосида ишлаб чиқиладиган биоўғитлар экологик хавфсиз бўлиб, кимёвий ўғитларга бўлган эҳтиёжни камайтиради. Улар деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш, тупроқ шўрланишини пасайтириш ва ҳосилдорликни ошириш имконини беради.
Шўрга чидамли микроорганизмлар коллекцияси — бу стратегик миллий ресурс бўлиб, унга киритилган ҳар бир инвестиция барқарор қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига қаратилган қадамдир.
