“Қор Ойи” ҳақида эшитганмисиз?
27.01.2026 / 18:19

Инсоният қадимдан осмон жисмларига, хусусан, Ой ҳаракатларига катта қизиқиш билан қараб келган. Ой фазалари нафақат астрономик ҳодиса, балки табиатдаги мавсумий ўзгаришлар билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Шулардан бири — февраль ойида кузатиладиган тўлиной бўлиб, у халқ орасида “Қор Ойи” номи билан танилган.
Йилнинг иккинчи тўла Ойи, яъни тўлиной фазаси, 1 февраль якшанба куни содир бўлади. Шу куни Ой Қуёшдан қарама-қарши томонда бўлади, тахминан Қуёш (17:39) ботганда Ой (16:58) чиқади.
Астрономик нуқтайи назардан тўла Ой февралда қуйидаги учта юлдуз туркумидан бирида жойлашган бўлиши мумкин: булардан иккитаси зодиак юлдуз туркумлари бўлмиш Арслон ва Қисқичбақа, учинчиси Арслонга қўшни Секстант юлдуз туркумидир. Кўпинча февралнинг тўлин Ойи Арслон юлдуз туркумида бўлади, бироқ 2026 йилда ойнинг тўла диски Қисқичбақа туркумида жойлашади.
Ой 1 февраль куни Поллукс (Эгизаклар юлдуз туркуми) ва Регул (Арслон юлдуз туркуми) юлдузлари ўртасида туради, бу икки юлдуз эклиптика яқинида жойлашган. Тун давомида Ой Регул юлдузига томон силжиб боради. Ўша тунда тўла Ой Қисқичбақа юлдуз туркумидаги Ясли (М44) юлдузлар тўдаси ёнидан ўтади. Ойнинг тўдага энг яқин бориши дунё вақти билан соат 13:19 минут (Тошкентда 18:19) ўтганда рўй беради. Яқинлашишни кузатиш назарий жиҳатдан мумкин бўлсада, амалда Ойнинг ёруғ нурлари Яслини кўришга ҳалақит қилади.
АҚШ, Канада ва Гренландия аҳолиси Яслининг Ой билан тўсилишини кузатишлари мумкин. Тўсилиш дунё вақти билан 11:21 (Тошкентда 16:21) да бошланиб 15:00 (20:00) да тугайди.
Хўш, Қор Ойи нима?
Шимолий Америка ва Европа халқлари одатига кўра февраль ойида кузатилувчи тўла Ойни Қор Ойи деб аташади. Бошқа баъзи номлардан (масалан, Чувалчанг Ойи ёки Пушти Ой) фарқли равишда февралдаги тўла Ой ўз номидан кўриниб турибдики, Шимолий Америкада энг кўп қор ёғадиган ой. Шунинг учун маҳаллий америка ҳинду қабилалари уни Қор Ойи, деб аташган. Баъзи қабилалар эса уни Очлик Ойи ҳам дейишади, сабаби бу ойда қаттиқ совуқ ов қилишни қийинлаштиради.
Турли халқлар февралнинг тўлин Ойини ҳар хил номлар билан аташган, масалан, хитойликлар - Гуллаб-яшнаш ойи, Келтлар - Муз Ойи, Канада ва АҚШ шимолида - Бургут Ойи, Жанубий яримшарда Дон Ойи, Арпа Ойи, Қизил Ой, Ит Ойи каби.
Бу Ойни кўпинча мулоҳаза юритиш, сабр-тоқат ва ҳиссиёт билан боғлашади, шунингдек эски нарсалардан халос бўлишга ёрдам беради, деб ҳисоблашади.
Ўтган Қор Ойи 2025 йил 12 февралда бўлган бўлса, кейингиси 2027 йилнинг 21 февралида содир бўлади. Шу куни Ойнинг яримсояли тутилишини кузатиш мумкин бўлади.
Бу Ой ҳам бошқаларидан фарқ қилмасада, уни ҳаво очиқ бўлса кузатиш тавсия этилади. Ойдаги кратерлар, тоғлар ва денгизлар ҳаваскор астрономлар, умуман оддий одамларда ҳам қизиқиш уйғотиши табиий.
Ойнинг 2026 йил февраль ойида Шимолий ва Жанубий ярим шарларда кунма-кун кўриниши.
Шердонов Чори, Астрономия институти катта илмий ходими
