Арстиум леиоспермум - табиий аналгетик
27.06.2025 / 09:12

Ҳозирги кунда тиббиёт соҳасида оғриқни қолдирувчи, иситмани туширувчи ва яллиғланишга қарши дориларга эҳтиёж жуда катта. Аммо кенг қўлланилаётган синтетик дориларнинг кўпчилиги узоқ вақт қўлланилганда, инсон саломатлигига ижобий таъсирлари билан бир қаторда ножўя таъсирларни ҳам кўрсатиши мумкин. Айниқса, ошқозон-ичак муаммолари бор инсонларда кўнгил айниши, юрак ритмининг ўзгариши каби хусусиятлар намоён бўлиши мумкин.
Шу сабабли, мутахассислар табиий, хавфсиз ва самарали муқобил воситаларни излаб келмоқдалар.
Шу йўналишда эътиборга молик кашфиётлардан бири — Арстиум леиоспермум (халқ орасида «Қариқиз» деб аталади) ўсимлиги баргидан ажратиб олинган, сувда эрувчан полисахарид бир вақтнинг ўзида оғриқ қолдирувчи, иситмани туширувчи, яллиғланишга қарши фаол деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, академик S.Y. Юнусов номидаги Ўсимлик моддалари кимёси институти олимлари томонидан полисахаридлари ажратиб олинган ҳамда Фармакология ва токсикология бўлими ходимлари томонидан фаоллиги ўрганилган.
Энг муҳими, бу модда организмга зарар етказмайди ва тиббий амалиётда табиий аналгетик сифатида ишлатилиши мумкинлиги айтилмоқда.
Табиий манбалар — айниқса ўсимликлар — инсониятга азалдан даво бўлиб келган. «Қариқиз» ўсимлиги ҳам қадимдан халқ табобатида турли касалликларда ишлатилган. Эндиликда илм-фан ёрдамида бу доривор ўсимликнинг фаоллиги илмий асосланган ва узоқ муддатли хавфсизлигини тасдиқлайдиган синовлардан сўнг, ушбу ўсимлик полисахаридлари асосида истиқболли янги табиий аналгетик дори воситасини яратиш имконини беради.